Соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади
Аёл – дунё мўъжизаларидан биридир, у насл насабимиз, авлодларимиз келажагини давомчисидир. Оилада қиз фарзанд дунёга келса унга алоҳида меҳр кўзи билан қаралади, уларни нозик гулни парвариш қилгандай тарбиялашга ҳаракат килишади. Оталар ўз қизларини она қизим деб эркалашади, шугина бир сўз тубида катта маъно бор. Албатта бизнинг гулданда нозик, фариштадай пок қизларимиз, соғлом ва баркамол фарзандларни дунёга келтириб наслимизни давом эттирадилар.
Ҳозирги пайтда нуқсонли болалар туғилишида бир қанча касалликлар сабаб қилиб кўрсатиляпти. Тиббиёт соҳасида бу борада изланишлар олиб борилиб, катта ютуқлар қўлга киритилган. Ҳаммага таниш бўлган нутқ бузилишлари ҳақида қисқача мушоҳада юритадиган бўлсак, нутқ бузилишларининг асосий сабаблари қуйидагилар:
1. Онанинг хомиладор вақтида оғир таксикоз бўлиши;
2. Онанинг хомиладорлик вақтида инфекцион ва эндокрин касалликлар билан оғриши;
3. Турли хил бош мия травмалари;
4. Боланинг туғилиш давридаги травмалар;
5. Бола ривожланишининг биринчи йилларида юқумли касалликлар билан оғриши;
6. Социал шароитнинг ёмон бўлиши;
7. Наслий факторлар;
Ҳар бир қиз бола турмушга чиққандан сўнг она бўлиш бахтига сазовар бўлади, она бўлишнинг ҳам биз билмаган ва билган ўз қонун қоидалари бор. Бу амаллардан бири хомиладор аёлнинг ўз вақтида шифокор қабулига ташрифидир. Негаки энди аёл фақат узи учун эмас жисмида ривожланаётган зурриёдининг саломатлиги учун ҳам қайғуришни бошлаши зарур. Шифокор кўригидан ўтаётганда турли хил қон анализлари топширилади, улардан ТОРЧ – инфекция (герпес, токсоплазмас, хламидиоз, ЦНС) деб номланган касалликлар бор йўқлиги аниқланади. Бу касалликлар хомиладор аёл ва туғилажак бола саломатлиги учун ниҳоятда хавфли бўлгани учун аёл бепарво бўлмай таҳлилларни топшириши лозим, агарда бордию касаллик аниқланса ўз вақтида даволаниши керак. Бу сабаблар ичидан биз бўлажак оналаримизда хомиладорлик вақтида учрайдиган юқумли касалликлар ва улар кўринишлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.
Ҳар бир одамда учуқ (герпес тошмаси) тошган. Инсон жисмонан соғлом пайтида бу вирус намоён бўлмайди, аммо шамоллаш, хайз даврида, руҳий сиқилиш, офтобда кўп юриш, ич бузилиши ва спиртли ичимликлар таъсирида толиқишда бу вирус уйғониб юзнинг бурун, лаб, оғиз бўшлиғи, қулоқ, лунж териси ва хатто жинсий аъзоларга ҳам чиқиши мумкин. Аёл шу вирусни ташувчиси бўлиб, қонидаги вирус миқдори белгиланган меъёрдан ошмаса ҳеч нарса қилмайди, агар вирус фаол бўлса, аёл назорат остига олиниб хомиладорлик ва туғруқдан сўнг даволаниши зарур. Акс ҳолда хомила ташлаш, бола ўлик туғилиши, ёки чақалоқ турли нуқсонлар (кўзи ожизлик, эшитиш заифлиги, болалар церебрал фалажи, тутқаноқ, юрак пароги, ошқозон – ичак касалликлари) каби нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Токсоплазмоз – юқумли касллик ҳисобланиб, қуш ва уй хайвонлари (сигир, ит, мушук) орқали одамга ўтади. Инсонга бу касалликлар мол ва қўй гуштларини чала пишириб ейиш орқали, томорқаларда етиштирилган кўкатлар ва мева сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш орқали юқиши мумкин. Микроб инсон организмига тушгандан сўнг доим касалликни келтириб чиқармайди, баъзи ҳолларда вирус инсон танасида ҳалок бўлади. Организм тез- тез турли хил касалликлар оқибатида холсизланиб қолганда, касаллик ривожланиб бошлайди. Касаллик албатта хомилага ҳам ўз таъсирини кўрсатади, касалликка чалинган хомиладор аёлдан турли нуқсонли болалар туғилиши мумкин.
Хламидиоз–инсонда вужудга келадиган юқумли касаллик ҳисобланади. Касалликни хламидия деб номланувчи майда бактериялар келтириб чиқаради. Касалликнинг урогенитал (жинсий йўл билан юқувчи) турига дунё бўйича 50 миллиондан ортиқ инсон чалинган. Касаллик хомиладорликнинг кечишига салбий таъсир кўрсатиб, жинсий аъзоларда яллиғланиш, таксикознинг зўрайиши, қоғанок сувларининг меъёрдан ошиши, хомила тушиши, боланинг бўғилиб туғилиши ва ўлик туғилишига сабабчи бўлади. Қонда бундай вирус аниқланган аёл зудлик билан врач назорати остида тегишли даволарни олиши керак.
Лимфоретикулез ёки фелиноз (лотинча felinus-мушук) мушук тирнаши ёки тишлаши оқибатида вужудга келадиган касалликдир. Инфекциянинг манбаи – қушлар, кемирувчилар ҳисобланади. Мушуклар қўзғатувчи вируснинг ташувчисидир. Касаллик асосан куз ва қиш ойларида авж олади.
Мана биз нуқсонли бола туғилишига сабаб бўлувчи айрим касалликларнигина кўриб чиқдик. Албатта бу нарсалардан бўлажак оналаримиз, уларнинг оналари, қайноналари, турмуш ўртоқлари ҳам хабардор бўлиб текширув таҳлилларини ўз вақтида тушунган ҳолда ўтказсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Соғлом фарзанд оила қувончи, наслимиз давомчиси ҳисобланади. Фарзандимиз ҳоҳ у ўғил, ҳоҳ у қиз бола бўлсин кичик ёшиданоқ тозаликка, гигиена қоидаларига амал қилишни, соғлом турмуш тарзини тўғри ташкил этишни ўргатиб бориш хар бир ота — онанинг бурчи ва вазифасидир. Қизларимизни ёшлигидан асраб авайлаш, соғлиғи ҳақида қайғуриш, турмушга беришдан олдин келин–куёвларни тиббиёт кўригидан биргаликда ўтишларига этибор қаратилса қисман бўлса ҳам авлодлар саломатлигига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.